Сен кутган фасл...

Мана, тақиб чаккасига гул,
Сабосида ялпиз нафаси,
(Дуоларга очилади қўл)
Шукр,
Келди сен кутган фасл...
Ҳар кўнгилни тўлдириб нурга,
Дил лиммо-лим ажиб сурурга,
Кўк сомсани ёпиб тандирга,
Келди, бизни унутган фасл.

Қалдирғочни кўкда кўрдингми?
Бойчечакни кўзга сурдингми?
Шудринг босиб саҳар юрдингми?
Ахир келди, сен кутган фасл.

Ёмғирлари - соғинч ёшлари,
Ювиб кетар юрак ғашларин,
Умид куртак оча бошлади –
Демак, келди сен кутган фасл.

Ёшартирар қалбларни кўклам,
Ҳаво очиқ,
Табиат кўркам,
Боғ-роғларни кезайлик, эркам,
Қадам қўйди сен кутган фасл...

Қани энди...
Иқбол кулсайди,
Қишу, ёз, куз камроқ бўлсайди,
Бир умрга ҳамроҳ бўлсайди,
Бизни узоқ куттирган фасл...

(c) 01.03.2013

Охирига етмаган шеърлар...

Англатмайди тўлиқ бир маъно,
Қаторлар ҳам эмасдир аъло,
Мен тугарман, тугамас аммо,
Охирига етмаган шеърлар.
Бедор этган хижронли тунлар,
Хаёлимда ўнг бўлган чинлар,
Қоғозларга тушармикинлар
Мен қаламда битмаган шеърлар?

Юрак сирин айлабон ниҳон,
Сатрларда бўлишиб равон,
Ҳисларга йўл бериб ногаҳон,
Ақлни бош тутмаган шеърлар.

Элчи йўқдир вазн юртидан,
Сўзлар топиб ярим ёртидан,
Қофиянинг қувиб ортидан,
Илҳомни ҳеч кутмаган шеърлар.

Фарҳод қолиб Мажнунга солиб,
Ошиқ чўпон найини чалиб,
Қайда юрсам ёпишиб олиб,
Ўйларимдан кетмаган шеърлар...

Минг турдаги ўйимни дерлар
Охирига етмаган шеърлар...
(с)

Кўнгил ҳузур излайди...

Кўнгил ҳузур излайди,
Узун-узун тунлардан.
Кошки фориғ бўлсайдим,
Тилга чиқмас унлардан.
Битта нола бер, худо,
Оламни уйғотгани,
Тинчлик бермас ўйларни,
Фавворадек отгани.

Кўнгил ҳузур излайди,
Кўзлар очиқ, кўр дилим,
Гарчи чандиғи мингта,
Ҳали ҳамон ғўр дилим.
Имоним мисли элак,
Эланади савоблар,
Руҳга озуқа керак,
Не деб берай жавоблар?

Кўнгил ҳузур излайди:
Тўртта тарафим қибла –
Қалбимда дард бўзлайди,
Ҳамхонамдир ғариблар.
Ҳақиқатга тиқ боқиб,
Солланади қадларим.
Кибрим йўлимни ёқиб,
Кичрайтирар ҳадларим.

Ҳузур қидирган кўнглим,
Тополмаса майлига,
Фақат битта илинжим –
Тушмай шайтон майлига.
Кўксим хижил, кўксим ғаш,
Недир сиқар, худойим.
Ичларимдан зулматни,
Қувиб чиқар, худойим.

Кўнгил ҳузур излайди,
Узун-узун тунлардан...

(c)

****

Ҳижрон ҳоким бу дунё ,асли бир кам яралган.

(Нурали Қобул)

Ҳаёт – паст-баланддан иборат сўқмоқ,

Унга гоҳ гул, гоҳи тикан ўралган.

Ойнинг-да, юзида азал эрур доғ,

Бу дунё аслида бир кам яралган.

Эзгуликка абад ёндошдир мушкул,

Шукрки, оқибат яшар ҳартугул.

Олами фонийнинг устунлари ул –

Яхшилар негадир мулзам яралган.

Инсонни букади туҳмат тошлари,

Йиғидан емрилар тоғ бардошлари...

Гўдакнинг тинмайин тўккан ёшлари

Йиғилиб, сўнг оби зам-зам яралган

Кун ўтар, қоврилиб турмуш ўтида,

Баъзан шукр қилиб, баъзида чидаб...

Бахт дея аталмиш уйим четида,

Мунғайиб, ҳеч кетмас ғуссам яралган

Кўнгил яримларнинг маъвоси бўлиб,

Чин дўстликнинг асил маъноси бўлиб,

Ҳижронлар азобин давоси бўлиб,

Меҳр, деб аталмиш малҳам яралган

Ҳаётнинг маъносин қайдан билардик?

Кимга ҳавас қилиб, кимга кулардик?

Нима ҳам деярдик, не ҳам қилардик?

Бу дунё аслида бир кам яралган...

Кетайлик...

Барча кечмиш, ўтмишни ташлаб,

Тан берганча азал тақдирга,

Эзгуликнинг этагин ушлаб,

Юрагимга кетайлик бирга.

Гумонларга душман тутиниб,

Ҳар қултумда бахтни ютиниб,

Дуо қилиб, Ҳақдан ўтиниб,

Юрагимга кетайлик бирга.

Толе юкин тортганча аста,

Дунёлардан бўлиб сарбаста,

Дилни дилга этиб пайваста,

Юрагимга кетайлик бирга.

Ақл ила таяниб ҳисга,

Барчасини тушириб изга,

Бу ерлардан жуда олисга –

Юрагимга кетайлик бирга.

Аламларга малҳамдир калом,

Сабрга жуфт яралмиш инъом,

Қуёшлари чарақлар мудом,

Юрагимга кетайлик бирга.

Ортга ташлаб Андуҳ чўлини,

Кечиб икков Ғусса кўлини,

Биласан-ку, ахир йўлини –

Юрагимга кетайлик... 

(c)

Баҳор келармиш...

Деразангдан мўралаб аста,
Гул юзингдан бўлиб шикаста,
Узун қишга силтаб қўлини,
Ҳам қалбингдан бошлаб йўлини,
Тўққиз ойки, елармиш баҳор,
Бугун тунда келармиш баҳор...

Қору музни сувга ғарқ қилиб,
Изғиринни буткул тарк қилиб,
Эшитгандек менинг ноламни,
Гулдастага ўраб оламни -
Тушда бошинг силармиш баҳор,
Бугун тунда келармиш баҳор...

Гўзалликни элтиб жаҳонга,
Сано айтиб ҳар ўтган онга,
Жамолингга бўлиб маҳлиё,

Истарангдан олганча зиё-
Бизга иқбол тилармиш баҳор,
Бугун тунда келармиш баҳор...

Ҳиссиётга тўлдириб дилни,
Кенгайтириб кичик кўнгилни,
Дуоларга ижобат етиб,
Табиатни чаманзор этиб,
Бахтимиздек кулармиш баҳор,
Бугун тунда келармиш баҳор...

(с)

Ketaman...

Ketaman,
Osmondan beme’yor
Yomg’irlar yog’dirib yo’linga
Boqmasdan, 
Bermasdan e’tibor,
Ortimdan uzatgan qo’lingga...

Ketaman,
butunlay, mayliga,
Ko’zingda qolsa-da nigohim.
Bo’ysunmay qalbimning mayliga,
Ko’klardan toparman panohim.

Ketaman,
Ovozing tuymasdan,
Iqboldan ming yillar nariga.
O’zimdan o’zgani suymasdan,
G’am-anduh g’orining qa’riga.

Ketaman,
Chaqirma ismimni,
Bu – taqdir, 
Bu – qismat, peshona,
Nimayam qilarding jismimni,
Baxt bo’lsa ko’nglimga begona...

Ketaman...
Quvonchga bo’shatib,
Azobga to’yingan o’rnimni.
O’zimni Majnunga o’xshatib,
O’chirib yurakda qo’rimni...

Alvido,
O’zga yo’qdir chora,
Keraksiz joyda men netaman?
Qadrimni qidirib nachora,
Bu yerdan bosh olib ketaman...


(c)

Соғиндим, меҳрибон кўзингни...

Соғиндим,

Меҳрибон кўзингни,

Дилимга ёқувчи cўзингни,

Ўзингни,

Табассум порлаган юзингни,

Ҳаммасин соғиндим.

Тунлари бедорман – интиқман,

Қайгадир кетади хаёлим

Яқинлар ҳол сўрар – инжиқман,

Уларга келади малолим...

Не қилай,

Тушунмас бўлсалар бошқалар,

Ичида устимдан кулсалар бошқалар,

Индамай,

Парво ҳам қилмасдан,

Ғийбатни қулоққа илмасдан,

Мен сенга мунтазир,

Соғиндим.

Маҳталман,

Эшитмоқ истайман шу дамда

(Орзиқиш шу қадар бўларми одамда?)

Саратон ёмғирни кутгандек,

Қаҳратон кунга кўз тиккандек,

Кўклам илк гулини туккандек

Интизор,

Умидвор бўлганча,

Соғиндим.

Илҳақман,

Илинжим йўқолмас бир зумга,

Шамоллар қулоғин тутади арзимга.

Тўлқиндек гупирар юрагим,

Сабрни супирар юрагим,

Бардошга қадрдон тутиниб,

Васлингни тилайман ўтиниб

Худодан,

Дарагинг сўроқлаб ҳар касдан;

Шоҳдану, гадодан,

Исингни келтирган сабодан –

Соғиндим.

Шунчалар бўларми телбалик? –

Хайронман,

Лабимда кулги-ю,

Қалбимда вайронман,

Гоҳи шер, гоҳда-чи, жайронман,

Мажнунман,

Фарҳодман,

Баҳромман,

Баъзида шунчаки инсонман...

Соғиндим

 Муҳтожман,

Ҳолимни тушунар кимсага,

Дўстга ё ўзидан ошинар кимсага.

Бошқаси аҳволим билмайди,

Билса-да, парволар қилмайди,

Муштоқлик шунчалар

 қийнарми кўнгилни?

Ёки ишқ атайлаб синарми кўнгилни? –

Ноаён... Аёни шу эрур –

Шу дамда

Доимдан ортиқроқ соғиндим.

Билмадим,

Биларсан, билмассан,

Балки сен у қадар

Дилингни тилмассан,

Ўзингга айтгани оғриндим,

Мен сени жудаям соғиндим...

(с)

Йиғланг...

Йиғланг...

Йиғламоқ – тавбадир,

Йиғламоқ алам,

Кўз ёш – тазаррудан яралган чашма.

Қувончми, шодликми, қайғуми ё ғам,

Одам зоти азал йиғига ташна.

Йиғланг,

 Армон ҳeчам раҳна солмасин,

Ташқари чиқариб бор ғуборларни,

Йиғланг,

Кипригингиз қуриб қолмасин,

Эслаб, надомату, афсус, зорларни.

Йиғланг, ўксиб-ўксиб,

Тавбалар айлаб,

Гуноҳлар тўкилиб кeтгунга қадар.

Пушаймонлик ҳиссин кўнгилга жойлаб,

Дуо ижобатга етгунга қадар

Йиғланг,

Йиғлайвeринг,

Қадрингиз сабаб,

Қимматингиз ерга урилгани чун.

Милён йўлга кириб,

Адолат сўраб,

Ҳақдан паноҳ топиб олганингиз кун

Йиғланг,

Тўйиб-тўйиб, майли, олмай тин,

Юкдан ҳоли бўлиб қолгунча гардан.

Яратган умримиз ҳоли айласин,

Йиғлашни билмаган бағритошлардан.

Йиғланг,

Кўз ёшига тўлиб кeтсин қалб,

Кўнгил дунёсига ёйилсин бeҳад.

Титрасин авфларни сўрагувчи лаб,

Руҳингиз ўшанда оларкан роҳат.

Йиғланг,

Бошингизни қўйиб саждага,

Ниятни пок этиб, маъзурлар айтиб,

Яхшига ёндашиб, ёмондан қайтиб, 

Кўз тикиб Аллоҳдан кeлар муждага,

Йиғланг,

Бағрингизга тўлганида қон,

Зиёга интилиш тўхтагани он,

Ғалат талвасани туйганида жон,

Чорасиз қолганда бeгуноҳ инсон,

Разолатга ботиб қолганда жаҳон,

Виждон қийноқлардан чeкканда фиғон,

Инсоф йироқларда кeзганда сарсон,

Эътиқод сотилса сувдан ҳам арзон,

Адолат бўзласа йўлда бeимкон,

Ғуборга ошино бўлганда имон,

Йиғланг,

Титраб йиғланг,

Ич-ичдан йиғланг…

Ажаб, йиғингизни тўхтатган замон,

Ажиб бир енгиллик тортар экан дил…

   
(с)   2010

Соғинмадингми?

Осмонларда ёрқин офтобим,

Денгизлардан топганим садаф,

Туним сирли этган моҳтобим,

Истарадан юзларингда тафт...

Соғинганим,

Соғинмадингми?

Бедорлигим сабабчиси сен,

Кўнгил торим рубобчиси сен.

Васлинг гўё сароблар бўлди,

Муштдек жонга соғинчга тўлди...

Соғинганим,

Соғинмадингми?


Кўзларингни бир лаҳза юмиб,

Ўзни минг хил орзуга кўмиб,

Кўзгуларга термулиб кулиб,

Ёхуд чуқур хаёлга чўмиб,

Соғинганим,

Соғинмадингми?


Сочларимга инмоқда қорлар,

Интиқтирди бизни баҳорлар.

Секин ўтар бўлганида он,

Йўллар қараб чашминг нигорон...

Соғинганим,

Соғинмадингми?


Туманларга айланди оҳим,

Хун бўлган шу юрак гувоҳим.

Дардим ёзиб, этганимда ёд,

Тиқилади бўғзимга фарёд.

Соғинганим,

Соғинмадингми?


Ҳаққа шукр айтаман, борсан,

Саҳро узра кўклам диёрсан.

Яккаш гулим – сочгувчи ифор,

Муштоқ дилим сенга интизор.

Соғинганим,

Соғинмадингми? 

(c)